Awesome Image

"Навоийуран" ДК бош директори Ж. Хасановнинг Янги йил байрами муносабати билан байрам табриги

Ҳурматли ҳамкасблар, қадрли дўстлар! 

Сиз азизларни, сизлар орқали бутун жамоамизнинг оила аъзоларини Янги 2023 йил билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Янги йил жаннатмакон юртимизга, бағрикенг халқимизга, аҳил жамоамизга олам-олам муваффақиятлар, бири бирини такрорламас қувончли хушхабарлар, бахт ва омад олиб келишига тилакдошман. 

Ортда қолган 2022 йил ҳам ҳаётимизда ёрқин из қолдирди. Боиси, айнан шу йилда корхонамизга халқаро стандартларга мувофиқ энергия самарадорлиги ва экологик хавфсизлик чораларини таъминлаган ҳолда фойдаланишда бўлган табиий уран конларини ишлатиш, уран конларида мавжуд ноёб ва нодир металларни қазиб олиш, қайта ишлаш ва уран оксидини экспорт қилиш вазифаси юклатилди ҳамда расман “Навоийуран” давлат корхонаси сифатида ўз фаолиятини бошлади. Таъбир жоиз бўлса, жонажон корхонамиз 1 ёшга тўлди. Шу қисқа вақт ичида Сиз аҳил жамоамиз билан биргаликда давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан зиммамизга юклатилган масъулиятли вазифаларни шараф билан уддаладик. 

Барчамизга маълумки, Давлатимиз Раҳбари томонидан 2022 йил 14 июлдаги “2022-2030 йилларда “Навоийуран” давлат корхонасида уранни қазиб олиш, қайта ишлаш ҳажмларини ошириш ҳамда уни трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 319-сонли муҳим тарихий қарори қабул қилинди. 

Мазкур ҳужжатда “Навоийуран” ДКни трансформация қилиш орқали замонавий корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш бўйича вазифалар белгиланган. Бу борада ишлар изчиллик билан олиб борилмоқда ва бир қанча хорижий консалтинг ва рекрутинг компаниялари билан йил давомида музокаралар олиб борилди. 

Шунингдек, корхонамиз томонидан 2022-2030 йилларда геология-қидирув ишлари орқали уран захираларини икки бараварга кўпайтириш чора-тадбирлари ҳамда Республикада мавжуд уранга истиқболли майдонлар ва уларда геология-қидирув ишларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинган.  

Жорий йилда прогнозга нисбатан табиий уран маҳсулоти ишлаб чиқариш йиллик ҳажмлари 100,5% га бажарилади ва 101% ўсиш суръати таъминланди. 

Хусусан, “Зафаробод” кон бошқармасига қарашли геотехнологик конларида рений ишлаб чиқариш технологик занжирини кенгайтириш натижасида жорий йил якуни билан 2 500 кг ёки режага нисбатан 111,1 фоиз перренат аммоний маҳсулоти ишлаб чиқарилди, ўсиш суръати 104 фоизни ташкил қилди.

Қувонарлиси, жорий йилда конларимиз сони яна биттага кўпайди. Бу “Зафаробод” кон бошқармаси 4-Геотехнологик кони ҳудудида “Актау” конини ишга туширилгани билан боғлиқ. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун жорий йилда 2,5 млн доллар миқдорида маблағ ўзлаштирилди ҳамда кон ва ишчилар қўрғончаси фойдаланишга топширилди. 

Азиз дўстлар!  

Жамоамизнинг барча аъзоларига йил давомида қилган фидокорона меҳнати, қўлга киритилган ютуқларга қўшган ҳиссаси учун ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Олдинда бизни янги марралар кутиб турибди. Келгуси йилда ҳам жуда катта ишларни амалга оширишни ният қилганмиз. Мана шу ишларни амалга оширишда бор шижоатингиз, билим ва тажрибангизни корхонамиз равнақи йўлида сафарбар этишларингизга ишонаман.

Янги йил ҳар бир юртдошимизга, корхонамиз жамоасининг ҳар бир оила аъзосига сиҳат-саломатлик, бахту саодат ва улкан муваффақиятлар олиб келсин! Янги йилда хонадонингиздан чексиз қувонч, файзу барака, тинчлик-осойишталик аримасин! 

Жонажон корхонамиз гуллаб-яшнайверсин!

Янги йил барчамизга қутлуғ келсин!